Tanlangan asarlar
СЕН УЧУН ШЕЬРИЯТ
Қатралаб тераман туйғуларни мен,
Тунлардан қуваман уйқуларни мен,
Дўст билиб яшайман қайғуларни мен,
Сен учун шеьрият, сен учун ижод.
Жонимни жабборга бераман доим,
Руҳимни қийноқда кўраман доим,
Кўнгилни эзғилаб юраман доим,
Сен учун шеьрият, сен учун ижод.
Сўзларни асрайман қароғларимда,
Кўз ёшим қотади қовоғларимда,
Тиним йўқ битай деб бармоқларимда,
Сен учун шеьрият, сен учун ижод.
Ҳаётим шу зайл бўлади охир,
Балки сал мушкулдир, балки сал оғир,
Нетайин, шунақа яшамоқ фахр
Сен учун шеьрият, сен учун ижод!
ПЕШВОЗ ЧИҚ
Гуноҳлардан покланиб
Саҳарларга пешвоз чиқ.
Тонг қушлари келтирган
Хабарларга пешвоз чиқ.
Яйраб кетсин вужудинг,
Камол топсин сужудинг,1
Нурга тўлсин ҳудудинг
Назарларга пешвоз чиқ.
Янги ҳаёт, янги кун
Сени айласин мафтун,
Қайдасан дея дўстим
Сафарларга пешвоз чиқ.
Бу беш кунлик дунёда
Маъни топгил зиёда,
Хох отда, хох пиёда
Зафарларга пешвоз чиқ.
Бу шундайин саодат
Бир умр айла одат,
Келса ҳамки фалокат
Хатарларга пешвоз чиқ.
Кўкрагингни кер, ёҳу,
Бағрингга кирсин оҳу,
Душманинг тутган оғу,
Заҳарларга пешвоз чиқ.
Мард дегани шу бўлар,
Дард дегани шу бўлар,
Панада ётмай агар -
Магарларга пешвоз чиқ.
Чоршамъ, англасанг айни
Ҳаммаси ишқ туфайли,
Қалбда туғилган янги
Асарларга пешвоз чиқ.