Дил кетар ёдинг билан, ўзидан барҳам егай, Жон ютар дардингда ғусса ва ҳажрда ғам егай. Қасди жон айларди мардумга ҳинду зулфларинг, Ваҳ не бедодликки ҳинду қон тўкиб, одам егай.
ҒАЗАЛЛАР
Дил кетар ёдинг билан, ўзидан барҳам егай,
Жон ютар дардингда ғусса ва ҳажрда ғам егай.
Қасди жон айларди мардумга ҳинду зулфларинг,
Ваҳ не бедодликки ҳинду қон тўкиб, одам егай.
Иштаҳа шу бўлса гар, мижгони хунрезинг сенинг -
Бир менинг қалбим недир, юз қалбни дам-бадам егай.
Англадим, зоҳид юзи не сабаб бунча қизил,
У муқаррар лавлаги ё бўлмаса шалғам егай.
Ичгали бизга бу гулшан ичра сувдан бошқа йўқ,
Ғунча ҳам очилгунича қанчалар шабнам егай.
***
Лола нисбатда ул орази зебога етолмас,
Сарв монандда ул қади барнога етолмас.
Қанча лоф урса-да наргис ёр кўзининг олдида
Бог наргиси ул наргиси шаҳлога етолмас.
Баҳра йўқдир ҳикмат айтса қанча Афлотун агар
Бехабарлар асло қадри аҳли донога етолмас.
Эрда қувват йўқ аёлнинг панжасин қайтаргали,
Шоҳ Юсуф қўли гиребон Зулайхога етолмас.
Эртага келгум дея ваъда қилдинг, нафи йўқ,
Муҳлати умрим саодатли у аснога етолмас.
Гар баланддир ёрни боши, Фитрато, ҳовлиқма кўп,
Чопгани бирла бирор кимса Сурайёга етолмас.
***
Басе ошуфталик сариштаси кафтим ароки бор,
Тўшагим иплари тиғдай ботиб кечам ўтар бедор...
Ҳумо қуш патлари билгай хуморолуд ток баргин,
Қадаҳдан ўзга тож рандлар учун асло эмас даркор.
Менга майсиз қадаҳ нақши туюлгай ҳалқаи мотам,
Шаробсиз шишанинг жонсиз бадандан фарқи йўқ зинҳор.
Тани соғлар нечун парво қилар афтодаҳолларга,
Гиламнинг гуллари чекмас хазоннинг хавфидан озор.
Унинг ҳусни хаёлида дилим нозиклашур, Фитрат,
Шаробимдан сопол жом ҳам бўлур чинни қадаҳ дарҳол,
***
Маҳви бўлди неча дийда ул нигор оннанинг.
Кипригидан тўкилар юзига хор оннанинг.
Юзидан олса қуёш гар ниқобин ноз ила,
Рўзғори қаро бўлгай бу зор оинанинг.
Кўзларим тўрттир юзига, лек ғусса шундаким,
Қатлима муштоқлик йўқдир чаҳор оинанинг[1].
Тополмагай ҳеч ерда Фитрат бунчалар оромким,
Етмаса дийдорига ул беқарор оинанинг.
***
Майзада соғар гулидек боғ томон кел, моҳитоб,
Шўх кулгингдан кабоб дилга сепиб туз, бер азоб.
Кўргали наргизни гулзорга томон кетди сабо,
Лек, сени йўлингга гулзор мавжида сепди гулоб,
Ой юзингни ўт олувчи васл шомида ўйим,
Яхшиямки, ўчди оташ терларим оққач селоб.
Кўкда офтоб чеҳраси шу сабаб бунча қизил,
Ки қўлингдан тарсаки еган экандур офтоб.
Риштаи жонимга дард солдию куйдирди тамом,
Ул сабоки, зулфинг ичра қилган эрди печу тоб.
Мадраса бурчакларида дарду ҳасрат бўлмагай,
Бир неча аблаҳдан ўзгаки, барин урган китоб.
Бу шитоб бирла қаён бормоқчисан, эй Фитрато?
Кетди-ку энди рақибинг бесаранжом, бешитоб.
***
Кўзимизда шунча бисёрки ҳасрат, дардимиз,
Ҳайрат бозорида сурма сотадир гардимиз.
Нотавонлик дастидан қолди сомондек ёпишиб,
Қўзгунинг деворига ранги рўйи зардимиз.
Тескари қоққай нағални лаъли ишқ саргаштаси,
Қасд этар шавқ оташига дилда оҳи сардимиз[2].
Бор жаҳон шамшир тутар, таслимга бош эгдик, вале
Узимиздан мард йўқ, биз бу майдон мардимиз.
Ерга топталган совут ҳам, бор қиличдек сўзимиз.
Гар фалак мард эрса, бўлгай ҳамрозу ҳамдардимиз.
Сабр ушлаб қолди, йўқса, озгина заҳмат кўриб,
Ғам этагин қўйворарди бу дили номардимиз.
***
Не дейинки, ёр, юзинг шириндир,
Ҳар лабинг, ҳалволари қанддир.
Иягингда қамарим норинждир[3],
Кўкрагингда жонгинам нориндир[4].
Балдоғинг нечун айлай таъриф,
Ҳамма билгайки у парвиндир[5].
Бу ҳусну малоҳат йўқ одамла,
Кўнглимда, бу ҳурми, деб, тахминдир.
Бул ҳавасда ҳеч йўқдир сабот,
Ишқ йўлида оёғи чўбиндир.
Оҳулардан бирига хушдорман,
Ки ажаб яхши, ажаб рангиндир.
Бўйини ўлчаб бўйинг ила сарв,
Бўйининг пастлигидан ғамгиндир.
Эски дўстинг - зор Фитрат четдаю
Янгилар васлинг ила мамнундир.
***
Ахир, эй шўх, келгину ёнимга бир дам ўлтиргин,
Аламлар мажруҳ этган бу жонимга ҳамдам ўлтиргин!
Рақибнинг дийдасин кўргилки, тийра, ғуборолуд,
Туриб, оинадек равшан кўзимга маҳрам ўлтиргин!
Хиром қилдингу бир бора, қиёмат бошлади кўнглим,
Бериб ором унга, эй сен ярамга малҳам ўлтиргині
Қоқиб киприк, дилимни айладинг банди, кўп шошма,
Қиё боқиш ила жонни узиб олсанг ҳам ўлтиргин!
Бошингдан ўргилиб чиққум, агар тун бўйи ўлтирсанг,
Бари ўзга ишимга, ёр берурман барҳам ўлтиргин!
Сен эй, хоким босиб ўтмоққа қасд қилган, билиб босгил,
Ғуборим қўнмасин эгнигга, босгач қадам, ўлтиргин!
Қадаминг ҳокини суртай кўзимга сурмадай тургил,
Қуяй савдоли бошимни оёғнигга шу дам, ўлтиргин!
Енимдан ўтдингу жон ҳам изингдан эргашиб кетди,
Кесар бори ишим қўлдан сенинг-ла ҳамқадам, ўлтиргин!
Хироминг барқидан ўт узра ўлтирди шу он чарх ҳам,
Қуёшдек шуълаафшоним, ёнмасин олам, ўлтиргин!
Бу Фитрат кўзига дунё сенингсиз тангу тор бўлгай,
Кўзим нури ўзингдурсан, карам айла, санам, ўлтиргин!
***
Менда бу нолаю афғон, сенда ул нозу тағофул,
Сенда йўқ меҳру тараҳҳум, менда йўқ сабру таҳаммул[6].
Сенга мен бердим юракни, майли, не бўлса бўлар.
Йўлларинг бошига бош қўйдим, энди бахт таваккул,
Пардан рухсорани олдингми бир дам сен, магар,
Юзларидан тер оқиб, қолди хижолат ичра гул.
Сарв қаддингу оразингни учратиб бўстон аро,
Сенга кўнгил қўйдилар ҳам қумрию ҳам булбул.
Ейса ҳид сочинг агар анбар ҳидидан ор қилар,
Юзларинг олдида гулнинг нархи бўлгай бир пул.
Лолани лол айлади ол чеҳранинг ранги, ажаб,
Хуш ўрим зулфингни кўргач, кечди ўздан сунбул.
Сен қачон уйдан чиқарсан, ой қочар том бошидан,
Балки у ҳуснинг ила баҳсни кўрмас маъқул.
Феълу хўйинг аччиғидан куйди Фитратнинг дили,
Не қилай, феълми бу ё аччиқ мурчу қаранфул[7],
***
Мисли дастор бошгинангу сочларингдан айланай,
Ҳам камарбанд сингари бел - камарингдан айланай,
Ол юзингдан парданиким, зулфи паришонинг каба
Анқитиб анбар ҳидини юзларингдан айланай.
Оғушингни давлати менга агар қилса насиб,
Лаб босиб хоки пойингга изларингдан айланай.
Гарчи дил уздим бугун ул тубои ризвонидин,
Лек сенинг, қадди ниҳол, самарингдан айланай.
Итларинг ҳамдам қилиб, гар тўпига қўшса мени,
Минг шукр айлаб, эшик атрофларингдан айланай,
Шод эрур тешса ҳам жон совутини ўқларинг,
Отавер, майли, ўқи жонтешарингдан айланай.
Оразингдан пардани олгилу ўлдир Фитратинг,
Садқаман, орази мисли қамарингдан айланай.
***
Тарки ишқингдан бўлак, эй ситамкор, чора йўқ,
Жонгинам, кўксимда дил, ўйлама тош пора, йўқ.
Ғунча оғзинг фикрию ҳам белинг ёдидаман,
Бу ҳаётда мен каби бир бенаво овора йўқ.
Солди бу ҳолга мени терлар оқизган ол юзинг,
Бунда офтоб бирла юлдузнинг гуноҳи зарра йўқ.
Ғамларингда кўксини чок айлаган бир гул эмас,
Қўлларингда ёқаси йиртилмаган бечора йўқ.
Ойгинам офтоб шафағи майидан бунёд эрур,
Юм кўзингни, Фитрато, тоқати наззора йўқ.
***
Эй сабо, хуш бўйи жонон на сенда бор, на менда бор,
Хуш бўйи ул гули хандон на сенда бор, на менда бор.
Уралиб олма ўзингга бунчалар, эй сунбул,
Тоқати зулфи паришон на сенда бор, на менда бор.
Ишқли диллар бирла қушларни бу гул қилгай шикор,
Эй, насим, бундан нишон на сенда бор, на менда бор.
Сен ҳам ошуфтаю мен ҳам бу гулнинг дардида,
Булбулим, ороми жон на сенда бор, на менда бор.
Яхшиси дилдор жудолик қилмасин, йўқса юрак,
Тоқати кулфати ҳижрон на сенда бор, на менда бор.
Бу ситамгар қайғусидан тунлари гирён кўзим,
Тонггача осуда он на сенда бор, на менда бор.
Менга сен жабр айлагайсан, мен эса қалбимга, ёр,
Раҳм, эй сарви равон, на сенда бор, на менда бор.
Фурқати дийдорда куйган кам эмас оташдан,
Сабри бу оташ сўзон на сенда бор, на менда бор.
Сен кечарсан мендану жондан кечарман мен, санам,
Рост айтсам, аҳду паймон на сенда бор, на менда бор.
Фитрато, роҳатдаман дебон ўзингни алдама,
Роҳати чархи бу даврон на сенда бор, на менда бор
МУХАММАСЛАР
Дедим: «Эй, моҳ, доғи ишқинг айлади ҳолим табоҳ,
Лоладай ашким қизарди, бўлди рангим каҳрабо,
Гирядан кўзим оқарди, кунларим тундай қаро,
Наргисинг солмас юзимга лоақал бир бор нигоҳ.
Найлайин, воҳ, не дейин, оҳ, дастингдан, оҳ».
Деди: «Шоҳим, бу жафокорлик менга хислат эрур,
Бевафолик кўзларимга бир бало одат эрур.
Бесабаб қатл айламоқ қошим тиғига бахт эрур,
Бегуноҳлар сен каби сочимга банду баст эрур.
Бундайин нозу адолар мен учун эрмас гуноҳ».
Унга айтдим: «Не учун ётларга ҳамдамсан, ахир,
Мен ғамингда мажруҳу ағёрга малҳамсан, ахир,
Узгалар олдида гулдай бунчалар хамсан, ахир,
Қочасан кўрсанг мени, қилмайин раҳм сан, ахир,
Бевафолик ҳам бунча бўлмас, бўлмагай бунча жафо».
Дер: «Сени ўлдиргали ағёрни ҳамдам айладим,
Ва асир бегонага бўлдиму хуррам айладим,
Ғамли юздан бездиму тарки ҳар ғам айладим,
Қайғу чек, сен сингари ошноларим кам айлади,
Бошқалар ёнида хушдир айласам кайфу сафо».
Дедим: «Эй, номеҳрибон, тошюрак, беэътибор,
Сен дея қанча гўзаллар ишқини этдим-ку хор,
Кўз ёшимдан ишқ" ниҳолинг парвариш қилдим-ку, ёр,
Шу ниҳолдан мева тотмоқ эрди қалбимда қарор,
Дил муродга етмади қақраган лаблар гувоҳ».
Деди: «Фитрат, ғамларимии еганинг сенга етар,
Аҳли ошиқлар шароб ўрнига дил қонин ютар,
Маъшуқа берса заҳар ҳам ошиғи билгай шакар,
Лола юзлар ҳажрида намли кўзни жом этар,
Унга давлат хору зорлик, шоҳ тахтига гадо».
***
Боз севсанг йўллагай гул ва насминга салом,
Ул унут рангдан бу наврўз ёди келтиргай паём,
Хуш эрур бул кун бу давра ишрату кўзаю жом,
Ишқбозлигу ёшлик ҳам шароби лаълфом,
Улфату ҳамдам ҳарифлар мажлиси этгай давом.
Мутрибо, чалгин ҳаётни мадҳ этиб чангу рубоб,
Уқи, завқ берсин тириклик шеъри акс этган китоб,
Йилнинг дастурида ушбу кунлар янги боб,
Бу ҳаёт лутфига шоҳид орзулар бўлмас сароб,
Дилбарим, ҳусн бобида ойга монандсан тамом.
Эрк туғёнидан чаман бўлди саҳрои Хутан,
Шуъла сочгай кўзга дашт лолаларнинг рангидан,
Бир менинг кўнглим эмас, ҳамма истар дафъатан,
Соқий шакардаҳону мутриби ширинсухан,
Яхши бир ҳамсуҳбату бир рафиқни некном.
Гул чиқар гулзор сари бошида гулгун кулоҳ,
Турфа гулдан дашту саҳро кийди зумрадранг қабо,
Май ва маъшуқ суҳбати дилларга солгайдир зиё,
Кимки бу суҳбатда йўқ, завқу шавқи бежило,
Кимки ишрат истамас, бу ҳаёт унга ҳаром.
ҲАЗИЛ ШЕЪРЛАР
Қайси бир уйдаки, моҳим, бўлса ҳуснинг жилвагар,
Эшик ортидан тамошо қилгали ҳурлар келар.
Қилмагум ёр олдида ҳаргиз рақибдан шиква мен,
Не учунким кўп қалин ошно эрур у баччағар.
Унга юз бор айтаман: «Энди кет бир сўз демай»,
Унга юз бор айтаман: «Кел, ким сени бундан қувар?»
Тутқариб рўзғор қўлимга шўх гўдакни, во алам,
Тамғали қўлдай оёқ-қўлимни банд айлаб қўяр.
Бўлди ҳолим кўп хароб, ғуссаю ғамлар ютиб,
Ёдинг ҳаққи мен сари бир йўл хиром айла, ўжар.
Этмагай бошимни тарк битта орзу бир умр;
Қайда ул бахтимки, келса бошима тақар-тақар.
Эй худо, олгин маҳалла кайвонисин, негаким,
Ишқ достонимни ундан тингламиш юзта гузар.
Мен сотиб олдим санам қайғусини, Фитрато,
Пул бериб, ким мен каби, сотиб олгай дардисар.
***
Кеча мастлар даврасида айладинг хўп «чақ-чақ»,
Май сузилмай жом бўлди беҳуду мастағрақ,
Том оша ҳуснинг тамошо қилдию ҳамсоя қиз,
Гул юзингдан рашк этиб, терга ботди шалтақ.
Гар эшикдан мўралаб сени кўрмасди рақиб,
Қоқ ярим тунда эшигим қилмас эди тақ-тақ.
Йиқилиб томдан рақибнинг оёғи бўлди чўлоқ,
Хўп ажаб бўпти, дилим англаб жазосин берди Ҳақ.
Фитрато, ой чеҳраларда йўқдурур меҳру вафо,
Шу сабабли ғуссадан дилгинам чок ҳаммавақт.
***
Қошининг бурчига холи бўлолмабди яқин, таҳсин,
Ақиқлаб бурчидан бу хол топибди мос ўрин, таҳсин,
Бирор ранг туҳматин тортмас эди, ё раб, бу бармоқлар,
Кўтармиш қандайин бундоқ узуклар миннатин, таҳсин,
Ажаб ҳайрон эрурманки, бу шаддоду шўх номин,
Нечук, таъбига мос англаб, муҳр этди, нигин, «таҳсин.
Эмас оташ аро Фитрат, вале найранги ҳуснидан
Мени терга ботирди у жамоли оташи, таҳсин.
***
Берганинг менга бугун ул шўх саломинг ғалати,
Олди-ку жону дилим бўйла каломинг ғалати.
Термайин дон банди дом бўлганим не кўргулик,
Ҳайратим ошди бу ҳолдан, дону доминг ғалати.
Сув сепай кўз ёшдану киприк ила йўл супурай,
Сен - мисоли хўжа, мен мисли ғуломинг, ғалати,
Сарвда йўқдир юзинг ҳам ойда йўқдир қоматинг,
Воҳки, сен сарвсану ҳам ой, тамоми ғалати.
Жон олар ғамзангу жон бахш этар лаъли лабинг,
Ҳам нигоҳинг тиғи бедод завқи жоминг ғалати,
Менга-ку икки жаҳон кўрди озодлик раво,
Ваҳки, Фитрат, банди бўлган ушбу доминг ғалати.
Ким пиёладан тўйиб кўк чой ичмас экан,
Назм, насрда бировни қойил қолдирмас экан.
Биз-ку нокаслар сабаб бош оғриқмиз, вале,
Насяга ким берса чой, нақд табиб шу, бас экан,
Ҳимматимиз айбини қандай яширғаймиз, агар
Хонимиз[8] узра зиёфат чоғи чой турмас экан.
Ким агар ичмас экан чой уч-тўрт нимчадан,
У сира фазлу камол йўлидан юрмас экан.
Ранг жило бергай экан чой киши завқига ҳам,
Чойни гар ким ичса мутриб, куйи завқ бермас экан,
***
Иштаҳа карнай эрур, угрога чаққон қўл уринг,
Мисли қошиқ енгларингиз шимариб мўл-мўл уринг!
Боҳаловат шўрваси оби бақонинг мавжидир.
Бор вужудни қорин айлаб, боқмай ўнгу сўл уринг!
Хокимиз елга совурди чўл ўмочин ҳасрати,
Ел совурган гардимизнинг масканидир чўл, уринг!
Бўлмаса зар кулфати, йўқдир паловнинг ташвиши,
Истасангиз хуштаом, харжи ҳам бир пул, уринг!
Гар сузар чоғи табақдан ерга тушса парча гўшт,
Олингу шайдо бу Фитрат оғзига мажбур уринг!
ТАРЖЕЪБАНД
Эй, зуҳражамолу, эй, ҳилолқош,
Тишингни кўриб, дур оқизар ёш.
Келдинг қошима руҳ каби нурфош,
Кетмоқ ниятинг айлама йўлдош,
Эй бути суман, тандан айир бош.
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Эй ғунчадаҳону сарвандом,
Токай бу фириб, ваъдаларинг хом,
Васлингдан этурсан мени ноком,
Майли менга минг айла дашном,
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Эй хублар ичида моҳитобон,
Гамзанг тиғидан сўлди-ку бу жон,
Қўлингда синиб аҳд ила паймон,
Афсона ила қилма дилим қон.
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Эй муниси жон, кўнглимга мақбул,
Умримни сочиб йўлингга буткул,
Бағримга сени то босмасам, гул,
Тиғлар уравер, барчаси бир пул.
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Бўлгил ҳаёли, вафоли жонон,
Менга маю ғайрга ичир қон,
Қолсин орада бу сири пинҳон,
Нозинг ситамини чекмасин жон.
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Эй дилбари гулқабою моҳрӯ,
Кўзингда сеҳрми бор ёки жоду,
Токай қочасан мисоли оҳу,
Ёнимда ўтир, ушалсин орзу.
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Умрим ўтадур йўлингни пойлаб,
Бир дам келарму, деб, мени сийлаб,
Енди-ку дилим, ёр, сени ўйлаб,
Алдама яна афсона сўйлаб,
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Боғлабди сенга дил жумла олам,
Ҳеч кимса, бироқ, бўлмади маҳрам.
Улдирди ҳаммани бу ғуссаю ғам,
Тортма, этагинг қўлимда маҳкам,
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Ишқинг ўти шавқидан учар ҳуш.
Дил бўлсанг ила бўлмаса сархуш,
Эй ваъда бузар, жим ўтир- хомуш,
Аҳдинг бор ахир, қилма фаромуш,
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Раҳм айла бир оз мен ҳоли зорга,
Боқ, шамъ каби ёши шашқаторга,
Тортсанг ҳам мени гар эрта дорга,
Торгмасман қўлим, ол эътиборга.
Эй бути сумани, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Эй сочи каманд, кокули сунбул,
Улдирди мени нозу тағофул,
Жонимни берай, гар олмасанг пул,
Тун ярмида, қўй, қилма ғалоғул,
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Бўлди-ку умр баҳори барбод,
Васлингга етолмай: эй, паризод.
Еткурди сени худо, дилим шод,
Гарчандки, қилурсан доду фарёд.
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Жонон, созингни чал, бенавоман,
Изингни ўпишга жон фидоман,
Гарчандки, сен шоҳу мен гадоман,
Тортма этагингни мубталоман,
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмай айирбош.
Эй чақмоқ қадаму насим оҳанг,
Эй оҳуравишу иши найранг,
Сен сулҳ тиласанг-да айлагум жанг,
Йўқ чоранг бугун, банд айлади чанг,
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Девонаману маҳбубга муштоқ.
Ишқ ичра насибам гарчи қийноқ.
Осмонда бошим, қучса-да тупроқ,
Шамдай куйибон кайфиятим чоқ,
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Эй жамоли ой, эй сең гулузор,
Гарчи фирибинг қийнади минг бор,
Ҳажру фироғинг жонимга озор,
Қайта топишмоқ, сен ила душвар
Эй бути суман, тандан айир бош.
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
Ер, менга нечун бунча адоват,
Нечун қочасан, дер хаста Фитрат,
Ёшим оқиздинг шамъ каби фақат,
Тўкмоқни қоним ё сенда мақсад?
Эй бути суман, тандан айир бош,
Тутдим этагинг, қилмам айирбош.
РУБОИЙЛАР
Эй, моҳ, лабингни лаззати болдайдир,
Сендан ҳамма рад жавоб олгайдир.
Йўқ, демагилу, бир бўса эҳсон қил,
Дунё ўтадир, шуниси қолгайдир.
***
Эй, шўхки, масту саргардон келибсан,
Қалбимга азобу балойн жон келибсан.
Бу қошу кўзинг ила, рост айтсам, ба худо,
Сарфитнаи охир замон келибсан.
ФАРДЛАР
Қаро хол жой олибдурки, шакардан ҳам ширин лабда,
Қаробахтлик топибдур хуш ватан бу тасодифдан.
***
Баски ҳимматда қашшоқ эрур бу беҳосиллар.
Саховат бобида обрўлари тенгдир гадо бирла.
[1] Чаҳор оина — жангчиларнинг пўлатдан ясалган кийими.
[2] Оҳи сард - совуқ оҳ.
[3] Норинж - апелсин.
[4] Нор - олов, ўт.
[5] Парвин - Сурайё юлдузи.
[6] Таҳаммул бардош, қаноат.
[7] Қаранфул- қалампир.
[8] Хон - дастурхон.