None
СЎЗ СОҒИНЧИ ёхуд мухтасар муқаддима Мен сўз дардига қачон гирифтор бўлдим?! Оқибати хайрли бўлармикин бу мубталоликнинг? Аслида, сўз ижодкорни таъқиб этадими, ёки ижодкор сўзни? Ё адабиёт одамзод ўйлаб топган эрмакмикин? Йўқ, йўқ, адабиёт шунчаки эрмак бўлганида, улуғ боболаримиз сўз шаънида бу қадар улуғвор таърифлар битмаган, уни олам ибтидоси ўлароқ муқаддаслаштирмаган бўлишарди! Қолаверса, сўзни эрмак деб билиш ахлоқсизлик қадар номуносиб рафторки, сўз майдонига ўз ихтиёринг ила кирганинг боис, у туфайли топадиган ва йўқотадиганларингга-да ўзинг сабабчи бўласан. Зотан, айтилган сўз – “душман”, айтилмаган сўз – дўст. Айтилган сўзнинг “душман”лигига сабаб – агар у тингловчига маъқул келса, шонга бурканасан, маъқул келмаса – иснодга қоласан. Айтилмаган сўзнинг дўстлигига сабаб – у ҳали айтилмаган ва унинг камоли ҳам, заволи ҳам ҳозирча сени ташвишга солмайди. Буларнинг барчаси биргина каломда – масъулият тушунчасида бирлашади. Шу боис Абдулла Қодирий бобомиз “сўз айтишда андиша зарур”лигини қайта-қайта уқтирганлар.