Saylanma
Ш О И Р Л И К
Шоирлик бу – бедорлик
Тафаккурда, шуурда.
Посбон каби яшайсан
Гоҳи музда, гоҳ қўрда.
Илғаган ҳар товушинг
Англамоғинг шарт тайин.
Хохи бўлсин у шамол,
Хохи бўлсин дўл, чақин.
Ҳисоб бериб юракка
Топширасан ҳудудни.
Хобгоҳингда тинчгина
Урмоқ бўлсанг уйқуни.
Тушингга булбул кирар
Сайраб минг бир оҳангда.
Уйғонасан ва ногоҳ
Қўл чўзасан қаламга.
Ёзасан тиним билмай
Ўтмиш, бугун, эртани.
Шеър билан безай дейсан
Бу муқаддас ўлкани.
Унинг тароватини
Таърифлаш учун кам-кўст.
Иқтидоринг етганча
Излайсан тун бўйи сўз.
Ва бир роҳат туясан
Ичингда аллақандай.
Онасини шод этган
Ёшгина болакайдай.
...Тонг отганини фақат
Товушлардан сезгайсан.
Нонушта ҳам қилмасдан
Посбонликка жўнайсан.
Шоирлик бу бедорлик ...
Навоий ва Нақшбанд
дилимга бўлди пайванд,
Мадад олиб яшайман
энди улар руҳидан.
Ғ А З А Л Л А Р
* * *
Доим бир меҳрни туйиб яшайман,
Шу меҳрга кўнгил қўйиб яшайман.
“Ҳар япроқда яшар худо” дейдилар,
Кўкламни чунонам суйиб яшайман.
Mусога ҳавасим келар бир умр,
Tур каби тоғларга тўйиб яшайман.
“Ҳақ йўлдан адашма” деган ҳақ сўзни
Ҳар куни дилимга қуйиб яшайман.
Tақдирга шукрлар қилиб минг бора
Aжаб тақдирлардан кулиб яшайман.
Ҳаётдан бир маъни топа олмаган
Ғамзада каслардан куйиб яшайман.
Дунёдан кетса ҳам жисму-жон, Чоршамь,
Руҳим қайта-қайта келиб яшайман.
* * *
Баҳоуддин бобомга риёзат чекиб борай,
Дилимга ишқ , муҳаббат уруғин экиб борай.
Униб чиққай бир куни ундан меҳр-садоқат
Умримни шу садоқат йўлига тикиб борай.
Қишу-ёзин, тун демай, уловларига минмай,
Тоғу-тошлардан ошиб, дарёлар кечиб борай.
Ташлаб ғайир ўйларни, унутиб ёт кўйларни,
Юрагимда йиғилган тугунни ечиб борай.
Ён-веримдан чиқсалар яхши-ёмон одамлар
Қўлларига насиҳат номалар тутиб борай.
Нажот макони шунда, кўнгил дармони шунда,
Даргоҳига доимо жонимдан кечиб борай.
Зиёратим ушалса, кўзларим нурга тўлса,
Гўзал ҳаётга, Чоршамь, қайтадан учиб борай.
* * *
Кўнгилда бир муҳаббат бор ажаб дунёлари тортар,
Юракда минг жароҳат бор ажаб савдолари тортар.
Чиқиб кетмоқни истар дил яна Мажнунни йўлиға
Поёнига етиб бўлмас ажаб саҳролари тортар.
Куяй дейман, ёнай дейман пешонамда битилгандир
Ажаб ишқнинг ажаб зайли, ажаб ғавғолари тортар.
Висолига етишсам бас, бўлардим бир умр сармаст,
Садоқат тахтига пайваст ажаб Зуҳролари тортар.
Сен-эй, Чоршамь, етарман деб уринма ишқни сирига,
Фақат талпин, фақат ёнгин, ажаб маъволари тортар.
* * *
Кўнгилда бир ғавғо бошланиб келмоқда,
Юрагим бу дарддан ғашланиб келмоқда.
Муҳаббат васлида яйрашур қушчалар,
Яйрамас кўзларим ёшланиб келмоқда.
Тилимдан ҳеч қачон чиқмаган сўзларим
Сен томон аламда ташланиб келмоқда.
Ҳижрон тунларида дарбадар кезарман,
Ғам устига ғамлар чошланиб келмоқда.
Чоршамъ, сенга сабру-тоқатлар тилайман,
Не қилай, бир савдо бошланиб келмоқда.