None
Ушбу каталогни яратишдан кўзланган мақсад, биринчидан музейда сақланаётган ёзма ёдгорликлар рўйхатини тузиш орқали уларнинг сонини аниқлаш ва йўқолиб кетиш хавфини олдини олиш, иккинчидан илмий жамоатчиликни, айниқса туркий дунё маданий тарихи ва ёзма мероси билан қизиқувчиларни Бухоро музейида сақланаётган ёзма манбалардан хабардор қилиш ҳамда илмий тадқиқотлар учун имкон яратиш. Ушбу каталогда бир жилдда бир номдаги асарлардан ташқари, бир неча асарни ўз ичига олган мажмуалар ҳам мавжуд. Каталогдаги тавсиф қилинган қўлёзма асарлар илмий тадқиқотчилар учун ўз илмий тадқиқот мавзулари бўйича маълумот топишларида ёрдамчи, қўшимча манба бўлиб хизмат қилади. Мазкур каталог манбашунослар, матншунослар, ижтимоий гуманитар фанлар йўналишида таҳсил олаётган бакалавр ва магистрлар учун фойдали қўлланма бўлиб хизмат қилади. Каталогда асосан Бухоро давлат музейида сақланаётган туркий тилдаги қўлёзмалар замонавий каталоглар билан қиёсланган ҳолда тавсиф қилинди. Каталогга 110 та туркий (ўзбек) тилдаги қўлёзмалар кирган. Улар турли минтақа хаттотлари томонидан кўчирилган бўлиб, даврий жиҳатдан эса 1784-йилдан 1926-йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Каталогни тайёрлашда Ўзбекистон Фанлар Академияси Абурайхон Беруний номидаги шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди каталогидан, шунингдек, Тожикистон Фанлар Академияси Шарқ қўлёзмалар фонди каталогидан намуна сифатида фойдаланилди. Баъзи қўлёзмаларнинг кимдан, неча пулга сотиб олингани тўғрисидаги маълумот ҳам каталогнинг асосий матнига илова қилинди.