Шавкат Жавлонов

ЎЗБЕКНИНГ  СОДДА  ШОИРИ

 

Шундай одамлар бўладики, улар узоқ умр кўрадилар, аммо улардан бу дунёда на яхши ном ва на яхши амал қолади. Бундайлар одамлар хотирасидан тезда ўчиб кетади. Бироқ яна шундайлар борки, улар қисқа умр кўрадилар аммо қилган савоб ишлари асрларга татигуликдир. Бухоролик машҳур шоир, сермаҳсул ижодкор Тилак Жўра ана шундай инсонлар тоифасидан эди.

Кўп тикилма осмон қаърига

Ҳали қанча қуёшли кунлар.

Қуёшли кунларни, мустақилликни кутиб яшаган шоир эди у. Инсон ҳаётини бир харитага қиёсласак, ундаги кечмишлар ва манзиллар унинг ҳаётда қилган ишлари билан белгиланади. Тилак Жўранинг ҳаёт харитасига назар ташласангиз фақат нурли манзиллар ва савоб ишларга кўзингиз тушади. Бор йўғи 47 йил. Биров шу қисқа давр мобайнида шоир “Райхон”, “Олам остонаси”, “Юлдузлар табассуми”, “Чорраҳадаги уй”, “Сандувоч”, “Руҳият” сингари шеърий китоблари, турк, озар, арман, француз, тожик, қарақалпоқ тилидан қилган таржималари, “Ҳозирги турк шеърияти”, “Нозим Ҳикмат ва Ўзбекистон” сингари илмий асарларини китобхонларга етказишга улгурди.

Соғиниб яшадим, соғиниб ўларман:

Юрагим қўлга олмоқни;

Ойдин кўчалардан минг бора равшан,

Нурли бир иморат солмоқни.

 

Ток нортидай сенга чирмашиб,

Қучмоқни соғиниб ўларман.

Мўридаги тутундек шошиб,

Тўзмоқни соғиниб ўларман.

 

Соғиниб ўларман соғиниб... Бироқ

Ўлим мендан жуда ҳам йироқ

 

Ушбу сатрлари одам қалбини ларзага солади. Сабаби шоир ҳеч қачон ўлмайди. Унинг умри оҳанглар оғушида қолади. Шиор шеърлари ҳамиша одамларни яшашга, кунларни ва эзгу ишларни соғиниб илдам интилишга ундайди. Тилак Жўра хотираларда абадий яшайди.

Ёш ижодкорлар Тилак ака деб, унинг этагини маҳкам тутар, у эса қўлидан келганича одамларга ёрдам берарди. Бу содда, деҳқонча табиатли, ростгўй ва тўғри сўзли одам бошқалардан ҳам шуни талаб қилар... қинғир ва беъмани ишларни кўрса, хафа бўлар, дили оғрирди. Тилакжон менинг кўз олдимда ўсиб камол топди. Кетма – кет учта шеърлар тўплами, сайланмаси чоп этилди. Диссертация ёзиб фан номзоди бўлди. Катта – катта адиблар, танқидчилар оғзига тушди. Аммо кеккайиб кетгани йўқ. Ўз фикрини яширмай, тўппа тўғри баён қилар, дилида бори тилида эди дея шундай ёзади Нажмиддин Комилов ўз хотираларида. Айнан ана шу тўғри таёқлиги, дилидаги тилига кўчгани сабаб у ҳам кўпгина тазиқларга учраган. Ўша даврнинг совуқ қамчиси уни ҳам четлаб ўтмаган. Бу ҳақда Жамол Камол хотираларини ўқиб, ишонч ҳосил қиласиз:

Уни ёзувчилар уюшмасига қабул қилганимиздаги қувончлари, баъзи “дўст”лари диссертацияси ортидан москвага юмалоқ хат ёзишганидаги изтироблари ҳали ҳануз кўз ўнгимда. У севинчда ҳам, аламда ҳам ўша ўта беғубор Тилак Жўра эди Беғубор, содда шоирнинг шу заминда ўсиб улғайганидан ғурурланаман. Унга ҳавас қилиб шоирликнинг этагини тутганлар қанча. Акс ҳолда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф унга атаб қуйидаги сатрлар битмасди:

 

Мен уни туғилмай туриб билардим,

Мурғак чоғ жаннатда юзин кўрганман.

Тегирмончиликни орзу қилардим,

Унга ҳавас қилиб шоир бўлганман.

 

Шоирлик касб эмас, шоирлик қисмат. Биз севган шоир Тилак Жўра ана шундай қисматли инсон эди.

Шавкат Жавлонов  

 



Шавкат Жавлонов Adibimizga tegishli asarlarimiz