САНДУВОЧ
1989 йил июнининг 30-куни сурхондарёлик Муҳаммаджон Азимов деган акамиз “Ҳофиз ва ўзбек адабиёти” деган мавзуда номзодлик диссертациясини ёқладилар. Профессор Шоислом Шомуҳаммедов ва камина у кишига расмий оппонентлик қилдик.
Кечга томон устоз Нажмиддин Комиловнинг Эски шаҳардаги ҳовлиларида ихчамгина зиёфат ташкил этилди. Даврани камина олиб боряпти. Шоир ва олим Тилак Жўрага шеър ўқиш учун сўз берилди. У киши:
Ҳеч ким қулоқ солмади. Чунки қарийб ҳамманинг бадани қизиб улгурган, ҳамма ўзи билан ўзи андармон эди-да. Бундай вазиятда шеър ўқигиси келадими кишининг?! Тилак ака овозни бир оз кўтарган бўлиб, яна бир бор сарлавҳани эълон қилдилар:
Ҳеч ким қулоқ солмади.
Устоз Озод Шарафиддинов жуда ҳушёр одам эдилар. Вазиятни нозик илғаб, бир пасда ҳамманинг диққатини шоирга қаратдилар-қўйдилар:
Даврада гур-р... этиб кулги кўтарилди. Чунки Озод ака гапни секин аския сари бураётган эдилар. Тошкент тарафларда “булбул” деганда бошқа нарса ҳам кўзда тутилади-да. Бухоролик Тилак ака гапнинг аскияга бурилганини сезмай, бўш келмасдан илмий баҳсларини давом эттиравердилар:
Ҳамма қўлидаги пиёласини қўйиб, баҳсни эшитишга тушди. Давра сув қуйгандек тинчиди-қолди. Озод ака, қарасалар, баҳс ҳеч қизимаяпти: шоир қурғур “ундай” десалар, “бундай” дейди, “бундай” десалар, “ундай” дейди.
Тилак Жўранинг бошлари қотди-қолди. Нима дейишга ҳайрон. Чунки домла илмоқли, қитмир савол берган эдилар. Товуқнинг-ку хўрози сайрайди, буни етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма билади, эҳтимол, булбулнинг мокиёни сайраса, деб ўйладилар, чоғи:
Тарвузи қўлтиғидан тушган одамни ўшанда кўрганман. Тилак Жўра индамайгина ўтириб, ўзларини чой ичишга овора қила бошладилар.
Ўзи бир камсуқум, беозор, ювошгина одам эдилар. Аммо ҳозир вазият ёмон чигаллашган эди. Феълларини яхши билардим. У киши билан бир маҳаллада яшар эдик. Бу ҳолатда шарт ўринларидан туриб, даврага этак силкиб, ичларида ҳамманинг онасини яна бир бор эслатиб, намойишкорона чиқиб кетишлари ҳам ҳеч гап эмас эди.
Ана шу хавотирлар билан ўртани олиб бораётган киши сифатида ўрнимдан турдим-да, масалага аралашдим:
Ҳамма қарсак чалиб юборди. Тилак Жўранинг кайфиятлари бадтар кўр бўлди.
Бу ҳазилим ҳаммага ёқди. Қарсак қаттиқроқ чалинди. Қарасам, Тилак Жўра бир стакан...ни даст кўтариб, уриб юбордилар.
Шу тариқа Тилак ака “Сандувоч”ларини варанглатиб ўқишга тушиб кетдилар:
Сандувоч эрдинг, бўлдинг андалиб,
Булбул бўлиб келдинг алданиб.
Номинг ўзгарди-ю, ўзгармади ноланг,
Тутқунликда толиққан қушчам,
Зорланиб-зорланиб,
Зориққан қушчам.
Туркий тупроғингда бунчалар ситам?!
Замонларнинг зулми зўридан,
Ёғийларнинг қонли тўридан,
Тўрдай тугун
Халқнинг шўридан
Нолалар қилдинг, нолали қушчам,
Ўз ҳолига ўзи волали қушчам,
Туркий титроғингда бунчалар ситам?!
Сайраб қучмоққа осмонинг йўқдир,
Яйраб қучмоққа ошёнинг йўқдир,
Ташлаб кетмоққа маконинг йўқдир,
Осмони оғули, макони доғули
Қушчам,
Туркий титроғингда бунчалар ситам?!
Чатанларда чуғур-чуғурлаб,
Умидим ва умрим ўғирлаб,
Толдинг:
Тушларингда Туркистон кўриб,
Қўшиғингда боғ-бўстон кўриб,
Умидингда бир имкон кўриб,
Аламлар чекдинг, аламли қушчам,
Имконсиз иймонли,
Суронсиз армонли қушчам,
Туркий титроғингда бунчалар ситам?!
Куйманиб-куйманиб куйган,
На оч қолган, на тўйган,
Ўзинимас, ўзгани суйган
Сандувочим – сарлочиним,
Туркий титроғим,
Туркий нафасим,
Руҳи осмонларда,
Ўзи
Бағримда ботин сасим –
Туркий титроғингда бунчалар ситам?!
Устози аввалимиз Ғайбулла ас-Салом дунё олимлари билан дўстлик ришталарини боғлашга жуда уста эдилар. Бу шогирдлар учун кўп керак бўлар эди. У кишининг даъватлари билан не-не машҳур олимларнинг юртимизга ташриф буюрганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Тилак Жўра диссертация ёқлаганларида кимсан – Радий Фиш расмий оппонентликка келган. Муҳаммаджон Азимов диссертациялари ҳимоясида қатнашиш учун Россиядан машҳур Муҳаммаднури Осмонов ташриф буюрган, ана шу зиёфат даврасида ҳам иштирок этаётган эдилар. Ажиб бир таносибни қаранг: “Сандувоч” шеърида, худди олдиндан билгандай, “осмон” сўзи уч марта тилга олинади – “Сайраб қучмоққа осмонинг йўқдир”, “Осмони оғули, макони доғули Қушчам”, “Руҳи осмонларда,Ўзи Бағримда ботин сасим...”
Ҳолбуки, Тилак Жўра бу шеърни олдинроқ ёзган, ҳозир профессор Осмоновнинг қатнашаётганини хаёлларига ҳам келтирмай, ўз шеърларига ўзлари маст бўлиб айтаётган эдилар...
Бу воқеа 1989 йил бўлаётибди. Орадан бир йил ўтиб, яъни 1990 йили “Ёзувчи” нашриёти Носириддин Рабғузийнинг 1310 йили ёзиб тугалланган “Қисаси Рабғузий” асарининг биринчи, 1991 йили эса иккинчи жилдини чоп этди. Биринчи жилддан муаллифнинг Наврўз ҳақидаги бир ғазали ҳам ўрин олган. Ўзи туркий тилда битилган илк ғазалларнинг бизгача етиб келган дастлабки намуналари ҳам – шу асардаги ғазаллар. Мазкур ғазалдаги бир байтда “сандувоч” сўзи ишлатилган:
Лола сағроқин ичарда сайрар усруб сандувоч,
Турна ун тортиб ўтарда сакрашур бақлан қўзи.
Орада бир байт ўтказиб, шоир энди бу қушни “булбул” тарзида ҳам тилга олади:
Тол йиғочлар минбаринда тўти қуш мажлис тутар,
Қумри, булбул муқри бўлуб, ун тузар тун-кундузи.
Хуллас, кейинчалик Тилак Жўранинг бу шеъри жуда машҳур ҳам бўлиб кетди. Шоир шу калимани (худди Жамол Камол “кеча”, Хуршид Даврон “ялпиз”, Икром Отамурод “кангул”ни ўта яхши кўриб қолгандай) ўта яхши кўриб қолиб, бошқа шеърларида ҳам кўп ишлатдилар. Бир туркий сўзни тирилтирдилар, ишқилиб[1]. Бу сўзни бошқалар ҳам қўллай бошлади.
Масалан, Қарши шаҳрида “Сандувоч парвози” деган масъулияти чекланган жамият ташкил этилган. Унинг муассислигида 2007 йилнинг 5 июлидан бошлаб маданий-маърифий нашр сифатида “Сандувоч” деган ҳафталик газета чоп этилади. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид айрим кичик шеърларига “Сирож Сандувоч” деган тахаллус қўллаяпти. Ўзбекистонимиздаги Татар миллий маданий маркази ҳузурида “Сандуғач” ҳаваскорлар ансамбли фаолият олиб боряпти...
Тилак Жўра тилимизга қайтадан олиб кирган “сандувоч” сўзи “Девону луғотит турк”да “сандулоч” тарзида учрар экан. Бу ҳақда таниқли шоир Эшқобил Шукур шундай деб ёзади: “САНДУЛОЧ – тилимизда сайроқи қуш булбулни фақат бир сўз билан, яъни “булбул” сўзи билан ифодалаймиз. Лекин булбулни қадимда боболаримиз “сандулоч” деб ҳам аташган. Гарчи ҳозирги тилимизда “сандулоч” сўзи ишлатилмай қолган бўлса-да, бу сўз адабий асарларда ҳамон яшаб келмоқда” (Ш у к у р Э. Оиланинг тил сандиғи. – “Оила ва жамият”, 2014 йил, 12 ноябрь). Муаллиф фикрини исботлаш учун Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг мана бу сатрларини келтиради:
“Девону луғотит турк”да сайрар сандулоч,
Кўкшин япроқларда янграйди баҳор.
Қани энди ҳар бир шеърда биттадан сўзимизга қайта жон бағишланса...
Яқинда Тилак Жўранинг ўғиллари – Орифжон укамиз 1991 йили бир гуруҳ шоирлар тарафидан битилган “Мустақиллик қасидаси”нинг бир тўпламда босилган нусхасини кўтариб келди. У ерда ким қайси бандни битгани очиқ айтилмаган. Саъдулла Ҳакимдан сўраган экан:
– “Сандувоч” сўзи учраган бандини отанг ёзган, – дебдилар.
Бир оҳорий сўз туфайли ўғил отаси ёзган сатрларни осонгина топиб олди.
Тилак Жўра умрининг охирида Бухорога – туғилиб ўсган қишлоғига кетиб қолди. Телевидениеда ишлайдиган айрим муҳаррир дўстлари уни кўришга бориб, ўлимини кутиб ётган шоирдан бир неча шеър ўқиттириб, ёзиб олиб келишди. Кўзи очиқлигида эфирга узатилди. Бу унинг зангори экаран орқали сўнгги чиқиши эди. Шоир озиб қолган, лекин аввалги ҳаяжонини йўқотмаган ҳолда бир неча шеър ўқиди-да, охири чарчаб қолди, чоғи, кутилмаганда: “Қолганини қирда айтаман”, – деб юборди. Бу гапи ҳам эфирга узатилди.
Бироқ буни биров тушунди, биров тушунмади. Қоракўл туманидаги Сайёд қишлоғининг мозори қирга жойлашган. Шунинг учун бу ерликлар “мозор” деб ўтирмай, “қир” деб қўя қолишади... Буни билганим учун Тилак аканинг бу гаплари каминага ёмон таъсир қилди. Йиллар ўтиб, бу туйғу тўрт қатор шеър бўлиб қоғозга тушди. Унга “Тилак Жўранинг сўнгги тилаги” деган сарлавҳа қўйилди:
Қирда – мозор, отам ётибди,
Борсам, ортга қандай қайтаман?
Шеър бўғзимга тиқилди охир,
Қолганини қирда айтаман.
“Шоир ўлмайди”, – деймиз. Буни ҳақиқий ижод маҳсулларининг яратувчиси вафотидан кейин ҳам эл-улусга хизмат қилаверишидан келиб чиқиб айтамиз, албатта. Эҳтимол, шу билан ўзимизни ўзимиз овунтирармиз ҳам. Аслида, вафот этганидан кейин ҳам шоир ижодини тарғиб қилиб юрадиган чинакам жонкуярлар керак. Тилак Жўра – бу жиҳатдан бахтли қаламкаш. Ўғли – Орифжон отасининг меросини тўплаб, уларни чоп этиш бўйича эринмай ҳаракат қилиб юрибди. Шунга ҳавас қилиб ҳам, “Зурриёт” деган бир тўртлик битилди:
Тилак Жўра ўлган эмас, ўғли – Орифжон
Қўриқлайди китоблари – қўраларини.
Бухорода – жисми, руҳи доим – Тошкентда,
Зурриёти сўраб турар жўраларини.
Дарвоқе, раҳматли отасининг “Сандувоч” шеъри билан боғлиқ сизга сўзлаётганим бу ҳангомани марҳум шоирнинг ўғлига айтиб бериб ўтирмадим.
Яхши бўлган экан. Айтиб берсам, ёзилмай қолиб кетар эди, эҳтимол.
Шундай илмий, ижодий, бадиҳатан авж оладиган давраларни қўмсаган маҳалларда ёзилади бундай хотиралар...
[1]Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон каминанинг ушбу мақоласини ўз сайтларига қўяр эканлар, аслида, “сандувоч” сўзини шеърда биринчи бўлиб ўзлари ишлатганларини ёзадилар. Эҳтимол, Тилак Жўра шундан таъсирлангандирлар. Лекин уни кўп қўлладилар.